Мирзиёев Францияга жўнаб кетди
Тошкент. 8 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 8 октябр куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Франция – юксак даражада ривожланган, саноат ишлаб чиқариши бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаган индустриал-аграр мамлакат. Иқтисодий салоҳияти бўйича дунёнинг энг йирик еттита давлати қаторига киради. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан бири, Европа Иттифоқи ва халқаро майдонда муҳим роль ўйнайди”, - дейилади хабарда.
Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдор, деб қайд этилади шундан кейин. “Ушбу давлат раҳбари Эммануэль Макрон мамлакатларимизнинг ўзаро яқинлашишини қутлаб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парижга расмий ташрифини орзиқиб кутаётганини таъкидлаган эди”, - деб таъкидланади хабарда.
Ташриф давомида давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар, Франция парламенти раҳбарияти, етакчи компаниялар ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Сурат манбаи: из http://www.aerofoto.narod.ru