Мирзиёев имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қурилиш суръатларини баҳолади

Дата: 11:42, 25-12-2017.

Тошкент. 25 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга (парламентга) мурожаатномасида имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қурилиш суръатларини баҳолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 “Маълумки, аҳолимизни, айниқса, бюджет соҳаси ходимларини, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап. Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни аввалги йилларга таққослайдиган бўлсак, 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилга нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрамиз”, - деди Ўзбекистон президенти.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, деб қайд этди Шавкат Мирзиёев, биз кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуришни бошладик. “2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида жорий йилда 420 минг квадрат метр кўпқаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир. “Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз”, - деб ваъда берди Ўзбекистон президенти.

Сурат манбаи: http://www.skyscrapercity.com/showthread.php?t=1747104

Янгилик билан ўртоқлашиш: