Мирзиёев қишлоқларни модернизация қилишда иқтисодиёт «юксалиши учун муҳим туртки»ни кўрмоқда

Дата: 13:06, 27-04-2018.

Тошкент. 27 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ жорий йилда ҳар бир туманда 2 тадан қишлоқда, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили ҳар бир туманда 3 тадан қишлоқда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилди.

“Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Иккинчи томондан, улар ҳам фуқароларимиз, нима учун улар шароит йўқ жойда яшаши керак? Биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий ўсади. Бунинг натижасида Ватанимиз обод бўлади ва мамлакатимизнинг иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Хусусан, жорий йилда 368 та қишлоқ обод қилиниши тасдиқланган. 127 минг уй-жойларни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, 1 минг 900 километр ичимлик суви тармоғи, қарийб 2 минг километр электр ва 263 километр газ тармоқлари барпо этиш бўйича ишлар тасдиқланган.

Шунингдек, бу жойларда 850 та ижтимоий ҳамда 2 минг 400 та бозор инфратузилма объектлари қуриш ва таъмирлаш, 440 километр йўлларни капитал таъмирлаш, 470 та замонавий автобус харид қилиш, 330 дан зиёд бекат қуриш ва янги қатнов йўналишларини очиш кўзда тутилган.

Ҳокимликлар олдига уй-жойларни таъмирлаш учун керак бўлган қурилиш материаллари турлари ва миқдорини аниқлаб, қишлоқларда уларнинг савдосини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамизки, “Обод қишлоқ” дастурини бажариш вазифа ва механизмлари Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 29 мартдаги фармони ва қарорида белгиланган.

Сурат манбаи: https://www.molbulak.ru/news/uzbekistan/selskoe-zhile-v-uzbekistane-stanet-dostupnee/

Янгилик билан ўртоқлашиш: