Мирзиёев кўмир конида $105,5 млнлик лойиҳанинг амалга оширилиши билан танишди

Дата: 10:15, 01-05-2019.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конида $105,5 млнлик лойиҳани амалга ошириш билан танишди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳозирги кунда бу ерда 105,5 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. 2017–2020 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа натижасида хитойлик шериклар билан ҳамкорликда 2021 йилдан бошлаб йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олинади. 600 киши иш билан таъминланади. Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станцияларига, цемент заводларига, аҳолига ва бошқа истеъмолчиларга кўмир етказиб бериш ҳажми ортади", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Таъкидландики, ҳозирги вақтда коннинг асосий конларини ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 2 км. туннел ётқизилиб, 1,5 км узунликда 33 млн. тоннага тенг кўмир конларининг асосий майдонига кириш имконияти таъминланган.

Давлатимиз раҳбарига Сурхондарё вилоятида кўмир қазиб олишнинг асосий йўналишлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.

"Бу ердагидек сифатли кўмир ҳеч қаерда йўқ. Биз бундан халқимиз фаровонлиги йўлида самарали, оқилона ва илм-фан доирасида фойдаланишимиз керак", - дея таъкидлади президент.

Шунингдек, "Шарғункўмир" очиқ акциядорлик жамиятини модернизацияси бўйича, Бойсун ва Шеробод туманларида кўмир қазиб олишни ташкил қилиш, Сариосиё тумани ва Шарғун шаҳрида 2020 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Ш. Мирзиеев кончиликни янада ривожлантириш, замонавий технологияларни ўзлаштирган соҳа мутахассисларини тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Шарғун шаҳрини янгилаш, тадбиркорлик ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: