Мирзиёев кўплаб мусулмон мамлакатлари технологиялар ривожида ҳамон орқада қолаётганига эътибор қаратди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолмоқда. Буни Ўзбекистон президенти ўзининг Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитидаги нутқида таъкидлаб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мазкур саммит 10 сентябрда Остонада бўлиб ўтди.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев ИҲТга аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олганлигини таъкидлаб ўтди. 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги 1,9%ни ташкил этган. Ташкилотга аъзо давлатларда 2016 йилда эълон қилинган илмий мақолаларнинг қарийб 80%и 7 та давлат ҳиссасига тўғри келган.
“Аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этиш лозим”, - дейилади маърузада.
“Ўйлайманки, фундаментал фан соҳаларини ривожлантириш, даврнинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар топишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратади”, - деди Ўзбекистон президенти.
У ИҲТнинг таклифига мувофиқ, Мирзо Улуғбекнинг астрономия фани ривожидаги бебаҳо ҳиссаси рамзи сифатида Самарқанд шаҳрида замонавий телескоп ўрнатилишини таъкидлаб ўтди.
“Биз “персоналлаштирилган қишлоқ хўжалиги” концепциясини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишни таклиф этамиз. Бу концепция қишлоқ хўжалиги экинларининг муайян муҳит, тупроқ, ўғит, сув ва биостимуляторларга нисбатан реакциясини инобатга олиб, уларнинг аниқ генотипларига эътибор қаратишни назарда тутади”, - деди ўзбек давлати раҳбари.
Шу муносабат билан у Қозоғистон президентининг барқарор ва инклюзив иқтисодий тараққиётга эришиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган мусулмон давлатлари ўртасида инфратузилмалар
бўйича интеграцияни ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдириб ўтди.