Мирзиёев хорижий сайёҳларни рўйхатга олишни электрон шаклга ўтказишни талаб қилди
Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хорижий сайёҳларни рўйхатга олишни электрон шаклга ўтказишни талаб қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу талаб 22 февраль куни унинг раислигида ўтказилиб, хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги танқидий таҳлил қилинган видеоселектор йиғилишида очиқланди.
“Туристлар мамлакатимизга келгандан сўнг яшаш жойи бўйича 3 кун ичида рўйхатдан ўтиши зарурлиги уларга ноқулайлик туғдираётгани қайд этилди. Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Турист саёҳат қилиши, ички ишлар идораларида сарсон бўлмаслиги керак, деб қайд этилади шундан кейин. “Агар биз туризм ҳисобига иш ўринлари очамиз десак, туристга шарт қўйиш эмас, балки шароит яратишимиз зарур”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис рўйхатга олиш тизимини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бу масалани ички ишлар идоралари, меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, хусусий уйлар ва шу каби жойлаштирувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбурияти сифатида белгилаш, туристларни бундай ташвишдан холи қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Сурат манбаи: https://kstrip.ru/nashi-priklyucheniya/uzbekistan/8-samyx-chasto-zadavaemyx-voprosov-pri-poezdke-v-uzbekistan/


