Мирзиёев маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди

Дата: 10:37, 21-11-2019.

Тошкент. 21 ноябрь. ЎзТАГ – 20 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзэкспомарказ" МТКда Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасига ташриф буюриб, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, тадбир 18 ноябрдан бери давом этмоқда. Бу ерда мингга яқин корхона, компания ва фирма, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотларни намойиш этмоқда.

Қайд этилганидек, иштирокчилар саноат корхоналарининг экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари, унинг сифати ва техник хусусиятлари, улгуржи ва чакана нархлари, корхоналарнинг қуввати ва бошқа маълумотлар билан танишмоқда.

"Президент ярмаркада намойиш этилган маҳсулотлар билан танишди, савдо ва маҳаллийлаштириш даражаси билан қизиқди. Давлат раҳбари импорт қилинадиган қисмларни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, сифатни таъминлаш орқали харидорлар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади", - деб қайд этилади хабарда.

Мирзиёевга, шунингдек, ташкил этилган www.cooperation.uz. электрон кооперация биржаси тақдим этилди. Портал ишлаб чиқарувчиларга харидорларни топишга, маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузишга ва божхона, солиқ хизматлари, статистика ва сертификатлаштириш идоралари маълумотлар базаларига уланишга ёрдам беради. Саноат корхоналари ва мижозлар ўртасидаги битимлар онлайн тарзда расмийлаштирилади.

Бундан ташқари, 20 ноябрь куни президент Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: