Мирзиёев мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги қонунни имзолади

Дата: 11:31, 18-12-2019.

Тошкент. 18 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги қонунни имзолади.

"Президент "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги қонунни имзолади. Қонун билан мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия бўйича давлат кафолатлари белгилаб берилди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, давлат ҳар бир боланинг давлат мактабгача таълим муассасаларида умумий ўрта таълим муассасасига киришидан бир йил олдин умумий ўрта таълимга мажбурий йиллик тайёргарлик кўриш ҳуқуқини кафолатлайди.

Мактабгача таълим муассасаси қонунга мувофиқ давлат ёки нодавлат ташкилот бўлиши мумкин.

Мактабгача таълим муассасалари қуйидаги турларга мувофиқ ташкил этилади: умумий турдаги мактабгача таълим муассасаси; кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси; инклюзив гуруҳли мактабгача таълим муассасаси; комбинацияланган турдаги мактабгача таълим муассасаси.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач кучга киради.

Сурат манбаи: xs.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: