Мирзиёев мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кучайтирувчи фармонни имзолади

Дата: 07:31, 30-10-2018.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мажбурий меҳнат учун жавобгарликни кучайтирувчи фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 29 октябр куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармон қабул қилди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Шундан кейин қайд этилишича, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди, зарур чора-тадбирлар кўрилди. 

Қайд этилишича, ушбу фармонга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган. 

Сурат манбаи: https://www.stltoday.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: