Мирзиёев МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди

Дата: 16:33, 07-11-2019.

Тошкент. 7 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари махсус хизматлари раҳбарларини қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"7 ноябрь куни президент МДҲ Хавфсизлик органлари ва махсус хизматлар раҳбарлари кенгашининг Тошкент мажлисида иштирок этувчи делегациялар раҳбарларини қабул қилди", – дейилади ўзбек раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Ш. Мирзиёев Ўзбекистонда МДҲ доирасида, жумладан, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш соҳасида кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

"Хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш 2020 йилда ҳамдўстликка раисликнинг устувор йўналишларидан биридир", – дейилади хабарда.

Учрашувда МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ўртасида яқин ҳамкорликни давом эттириш, жумладан, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тезкор ахборот алмашиш ва қўшма тадбирларни ўтказиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, кибержиноятларга қарши курашиш, зўравонлик ва радикал қарашларни тарғиб қилиш мақсадида Интернет ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг бошқа долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: