Мирзиёев минтақавий ҳамкорлик соҳасида ташаббусларни очиқлади

Дата: 13:30, 14-11-2017.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда минтақавий ҳамкорлик соҳасида ташаббусларни очиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши мумкин. Бу ўринда гап бизнес ҳамжамиятлари ўртасида бевосита мулоқот ва ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий ва инновацион ҳамкорлик борасидаги аниқ лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш ҳақида бормоқда”, - деб таъкидлади у. 

Бизнинг минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамда етакчи корхоналар вакиллари билан бир неча бор ўтказган учрашувларимиз иқтисодий алоқаларни сезиларли равишда фаоллаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш имконини берди, деди давлат раҳбари. “Масалан, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмасиўртача 20 фоизга, айрим давлатлар билан эса қарийб 70 фоизга ўсди”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, “Минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим”. “Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қиламан”, - деб таклиф киритди Ўзбекистон Президенти. 

БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, деб таъкидлади давлат раҳбари,  Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини берган бўлар эди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: