Мирзиёев Мирзачўл туманидаги Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди

Дата: 11:31, 31-01-2019.

Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Куни кеча, 30 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мирзачўл туманидаги Давлат хизматлари марказига ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, қачонлардир бўш ётган жойда марказ биносини қуришга 5 млрд 740 млн сўм маблағ сарфланди.

“Марказ бир кунда 200-250 мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Эндиликда бу ерда тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш, нотариус, ФҲДЁ бўлими, паспорт бериш ва алмаштириш каби 103 хизмат тури кўрсатилади. Шунингдек марказда кутубхона, никоҳдан ўтувчилар учун тантаналар зали, инвесторлар хонаси ташкил қилинган, бундан ташқари ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш учун энг сўнгги ускунлар билан жихозланган”, - дейилади хабарда.

“Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига мувофиқ, янги тизим президентнинг “Халқ давлат идораларига эмас – давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоясини сўзсиз амалга оширишга хизмат қилмоқда.

“Давлат хизматлари фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларнинг ҳам вақти, ҳам маблағини тежашга хизмат қилади. Аҳоли томонидан қилинаётган ҳар бир мурожаат эътиборда бўлади”, – деди президент.

Шунингдек, Ш. Мирзиёев “Ғалаба” маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди, Мирзачўл туманидаги “Бинафша” мактабгача таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишди.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: