Мирзиёев муаммолар кабинетда эмас, балки халқ орасида ҳал қилиниши керак деб ҳисоблайди

Дата: 16:06, 10-02-2017.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – Муаммолар кабинетда эмас, балки халқ орасида ҳал қилиниши керак, деди Шавкат Мирзиёев, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши, муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлашга ва уларнинг ечимини топишга қаратиш, якуний натижа учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилиш, ишда аниқ тартиб ва қатъий интизом ўрнатиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатлар илдизини қуритиш – ички ишлар органларининг устувор вазифасидир”, - деб таъкидлади президент ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги чиқишида.

Мутасадди раҳбарларга, деб давом этди Мирзиёев, фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътиборсиз қолмайдиган тизим яратиш, хизматга муносабатни тубдан ўзгартириш, жиноят тафсилотларини муҳокама қилиш механизмини шакллантириш, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдида ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш орқали уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: