Мирзиёев Мун Чжэ Инни корейслараро мулоқот бошлангани муносабати билан табриклади

Дата: 13:43, 30-04-2018.

Тошкент. 30 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Инни корейслараро мулоқот бошлангани муносабати

билан табриклади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сизни 2018 йил 27 апрель куни корейс халқи тарихида том маънода унутилмас воқеага айланган Пханмунжом саммитининг муваффақиятли ўтгани билан самимий қутлайман. Ушбу учрашувнинг бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлган инқилобий натижага Сизнинг қатъий иродангиз, Корея Республикаси ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга  қаратилган тинчликпарварлик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз туфайли эришилди”, - дейилади ўзбек етакчисининг мактубида.

Музокаралар самимий ва дўстона муҳитда ўтгани, унинг якунлари бўйича қабул қилинган икки давлатни яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларни кўзда тутувчи тинчлик, тараққиёт ва Корея ярим оролининг бирлашиши ҳақидаги Пханмунжом декларацияси Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланишига умид ва ишонч уйғотмоқда, дейилади шундан кейин.

“Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд яратиш ташаббускори сифатида Корея ярим оролидаги денуклеаризация жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, бу эса, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади”. – деб таъкидланади мактубда.

Сизнинг темир йўл ва автомобиль қатновини тиклаш тўғрисидаги ташаббусингизни алоҳида таъкидлашни истардим, деб қайд этилади шундан кейин. Бу Корея ярим оролининг бутун Евроосиё минтақаси, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, уни ягона логистика тизими ва жадал савдо-иқтисодий алоқаларга эга минтақага айлантириш учун янги истиқболлар тақдим этади.

Корея Республикасининг стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Республикаси бундан буён ҳам Корея халқининг яқинлик, Корея ярим оролида умумий тараққиёт ва фаровонлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги фаол амалий қадамларини қатъий қўллаб-қувватлайди”, - деб ишонтирди Мирзиёев.

Сурат манбаи: https://utro.ru/politics/2018/02/10/1351121.shtml

Янгилик билан ўртоқлашиш: