Мирзиёев Наманган шаҳридаги парк учун ном таклиф қилди

Дата: 11:46, 04-05-2018.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги парк учун ном таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У Наманган шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида амалга оширилаётган қурилиш ишларини кўздан кечириш доирасида паркни “Афсона” деб номлашни таклиф қилди.

“110 гектар майдонни эгаллаган ушбу боғда очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, кичик стадион, муз саройи, тўрт юлдузли меҳмонхона, йирик аттракционлар, эртаклар шаҳарчаси, савдо шохобчалари, кутубхона ва интернет кафе, боулинг ва фитнес клублари, ҳунармандлар маркази, амфитеатр, аквапарк ва бошқа объектлар бўлади. Ўзига хос ландшафтга эга бўлган ҳудудга ноёб манзарали дарахт ва гуллар кўчатлари экилиб, ботаника боғи яратилади. Мазкур кўнгилочар масканда йилига 100 минг кишига хизмат кўрсатиш мўлжалланган. Уни 2019 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш, 1,5 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Бугунги кунда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

“Давлатимиз раҳбари истироҳат боғини сифатли ва хавфсиз барпо этиш бўйича тавсиялар берди. Нафақат вилоят, балки мамлакатимизда қиёси йўқ бўладиган мазкур паркка “Афсона” деб ном беришни таклиф қилди”, - дейилади хабарда.

Шу ернинг ўзида Наманган шаҳри Гулистон даҳасида бунёд этилиши мўлжалланган “Namangan City”, Поп туманида қуриладиган замонавий савдо мажмуаси ва “Pop eco park” каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Сурат манбаи: http://namangan.uz/ru/namangan/parki-otdykha

Янгилик билан ўртоқлашиш: