Мирзиёев ОАВ учун янада кенгроқ имкониятлар яратишга ваъда берди

Дата: 16:39, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ОАВ учун қонунчилик, моддий-техник, ўқув-услубий нуқтаи назаридан янада кенгроқ имкониятлар яратишга ваъда берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 “Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади. Бундай мақсадга эришиш учун оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан янада кенг имкониятлар яратиб беришимиз керак”, - дейилади давлат раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида.

 Шундан кейин таъкидланишича, замонавий миллий журналистика мактабини яратиш кўп жиҳатдан, аввало, юксак маънавий-интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқдир. “Бу муҳим вазифани амалга ошириш учун биз аввало тегишли олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг савияси ва малакасини ошириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари, экспертлар ҳамжамияти, хорижий ва халқаро ижодий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур”, - деб таъкидланади табрикда.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон барча соҳаларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. “Олдимизда турган, бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни ҳал этишда, юртимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг ўз кучига, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, ҳаётимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бир сўз билан айтганда, халқ манфаатининг чинакам ҳимоячиси бўлишда оммавий ахборот воситалари бундан буён ҳам фаол ҳаракат олиб борадилар, деб ишонаман”, - деди президент табриги якунида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: