Мирзиёев олий таълим муассасаларига кириш тизимини тубдан такомиллаштиришни топширди
Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Президент ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикрларни инобатга олиш, улар билан “очиқ эшиклар” кунлари каби тадбирлар ташкил қилиб, учрашувлар ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлади.
“Йиғилишда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинар экан, ёшларнинг касб-ҳунар эгалаши, ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда ёшларнинг улуғ аждодларимиз меросини ўрганиши, уларга мос етук кадрлар бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратилмоқда”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда 8-9 синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар эшигини очади. Эндиликда умумтаълим мактаблари битирувчиларини 50 яқин касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга корхона ва ташкилотларга бириктирилади.
Йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбари олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш, бунда ривожланган хорижий давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларни татбиқ этиш, тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берди.