Мирзиёев расмий ташриф билан Беларусга боради

Дата: 10:40, 30-07-2019.

Тошкент. 30 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Беларусга боради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 2019 йил 31июль – 1август кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, Минскда ўзбек-беларус олий даражадаги мулоқотининг давоми сифатида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Президентлар Беларус пойтахтида Ўзбекистоннинг миллий саноат кўргазмасига ва Белоруснинг юқори технологиялар паркига ташриф буюришади.

"Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти имзоланиши ва Ўзбекистон-Беларус кўп қиррали, жумладан, инвестициялар, ишлаб чиқариш ва илмий-техник кооперация, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш борасида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиладиган кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда", - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: