Мирзиёев Ривожланиш давлат дастурини ишлаб чиқишнинг уч босқичини белгилаб берди

Дата: 16:06, 18-01-2018.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ривожланиш давлат дастурини ишлаб чиқишнинг уч босқичини белгилаб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида президент раислигида 17 январ куни Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштириш бўйича жорий этилган янги тартиб асосида ишларни ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишда айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг фикрига кўра, бу борадаги ишларни уч босқичда амалга ошириш зарур.

“Биринчи босқичда Ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак. Ушбу Концепция тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўналишларини амалга ошириш бўйича стратегик вазифаларни ўз ичига олган ҳужжат бўлади. Иккинчи босқичда Ривожланиш концепцияси асосида мақсади ва молиялаштириш манбалари аниқ бўлган 3 йиллик, яъни 2019-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳалар портфели шакллантирилади. Ушбу лойиҳалар Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари билан келишилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида экспертизадан ўтказилади. Ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича батафсил календарь режаси ишлаб чиқилади. Учинчи босқичда тасдиқланган 3 йиллик лойиҳалар портфели асосида Ривожланиш давлат дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш талаб этилади”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

 Бундан буён Ривожланиш давлат дастурларига фақат дастлабки техник-иқтисодий асослари ва лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжуд бўлган лойиҳалар киритилади, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Сурат манбаи: https://www.kp.ru/daily/26615.5/3632853/

Янгилик билан ўртоқлашиш: