Мирзиёев Россия Давлат думаси раисини қабул қилди

Дата: 11:31, 17-09-2019.

Тошкент. 17 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володинни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"16 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди", - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, парламентлараро интенсив алоқалар ва алмашувларни давом эттириш, шу жумладан, мамлакатларимиз парламентлари палаталари ўртасидаги ҳамкорликнинг амалдаги механизмларидан самарали фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, қонун ижодкорлиги фаолиятининг турли жиҳатлари бўйича яқин ҳамкорлик, минтақалараро алоқалар ва истиқболли кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, қабул қилинган икки ва кўп томонлама битимларни, шу жумладан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида амалга оширишга кўмаклашиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: