Мирзиёев Россиянинг “Лукойл” ва “Росатом” компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Дата: 10:17, 16-05-2019.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг "Лукойл" компанияси раҳбари Вагит Алекперов ва "Росатом" компаниясининг раҳбари Алексей Лихачев билан учрашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги.

"Президент 15 май куни "Ўзбекистон нефт ва гази" халқаро кўргазмасининг тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатда бўлган "Лукойл" компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ш.Мирзиёев Россиянинг нефт-газ мажмуасидаги етакчи компанияси билан изчил ривожланиб бораётган самарали ҳамкорликни қайд этди.

Айни пайтда Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар учун "Лукойл" инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошади.

Қайд этилганидек, ўтган йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси лойиҳа қуввати даражасига чиқди. "Хаузак" ва "Шоди" конлари, шунингдек, Жануби-Ғарбий Ҳисор конлари ўзлаштирилди.

Шунингдек, учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, янги инвестиция дастурлари ва лойиҳаларни тайёрлаш, шунингдек, Россия компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

В.Алекперов компаниянинг нефт ва газ соҳасида узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.

Ш.Мирзиёев Россиянинг "Росатом" атом энергияси корпорацияси бош директори Алексей Лихачевни ҳам қабул қилгани қайд этилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида илғор технологиялар ва билимларни жалб этиш асосида Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича яқин ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати ҳузурида "Ўзатом"агентлиги ташкил этилди ва ўз фаолиятини бошлади. Ўн йиллик давр учун республикада атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.

Шунингдек, келажакда АЭСни танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунланди, лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ва халқаро талабларга мувофиқ техник ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Аҳолини атом энергетикаси ва ядро технологияларининг ривожланиши тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида бугун "Ўзатом" агентлиги биносида атом технологиялари ахборот маркази ишга туширилди.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги "МИФИ" миллий тадқиқот ядро университети филиали ўз фаолиятини бошлайди.

"Учрашувда қабул қилинган "йўл харитаси"асосида мамлакатимизда АЭС қурилиши лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Республикада янги тармоқни ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди", - дейилади хабарда.

А.Лихачев тинч атомдан фойдаланиш соҳасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: