Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокимини ишдан бўшатди

Дата: 10:30, 13-06-2017.

Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкент шаҳрида 12 июнь куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев лавозимидан озод қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент ҳудудларни ривожлантириш борасида давлат органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида сўз юритар экан, ўтган ҳафтада Самарқанд вилоятига ташрифи давомида айрим раҳбарларнинг бефарқлиги ва ҳаракатсизлиги оқибатида бу ҳудудда жуда кўплаб жиддий муаммолар тўпланиб қолгани маълум бўлганини қаттиқ танқид қилди. Айниқса, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоят идоралари раҳбарлари ўртасида амалий ва соғлом муносабатга путур етгани Самарқанднинг бугунги тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.  

 “Вилоят ҳокимининг жамоатчилик ва раҳбарлар фикрини инобатга олмасдан иш тутиши, ижрочилар олдига саёз ўйланган вазифа ва топшириқларни қўйиши, унда журъат ва ташаббускорлик, масъулиятни дадиллик билан ўзига олиш фазилатлари етишмаслиги ҳозирги вақтда вилоятда ўта жиддий ва долзарб вазифаларни ҳал этиш имконини бермаяпти. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот мавжуд эмас, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларда узилиш пайдо бўлган”, - деб таъкидланади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида. 

Мазкур ҳудудда барпо этилаётган объектларни қуриш, инвестиция маблағларини ўзлаштириш ишлари оқсамоқда, экспортга чиқариладиган маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш таъминланмаяпти. Шаҳар ва туманларда ободончилик, одамлар учун қулай, тоза-озода муҳит яратиш масалалари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Вилоят молия ва солиқ идоралари солиқ базасини кенгайтириш имкониятларини излаш ва уларни тўлиқ ишга солиш ишлари билан етарли даражада шуғулланмаяпти.

Давлат раҳбарининг фикрига кўра, ана шу муаммоларни ҳал этиш, бу йўлда бутун Самарқанд аҳлини бирлаштириш ва ўз ортидан эргаштириш учун вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевда билим ва салоҳият, раҳбарлик тажрибаси етишмади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: