Мирзиёев Самарқандда Наврўзни байрам қилишда қатнашди

Дата: 10:09, 23-03-2018.

Тошкент. 23 март. ЎзТАГ – 21 мартда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган тантаналарда иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шу куни Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида вилоятнинг салоҳияти, шаҳар ва туманларнинг кўргазмалари, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматидан маълум қилишларича, давлат раҳбари вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, фаоллар, ёшлар билан суҳбатлашиб, барчани байрам билан яна бир бор табриклади. Самимий мулоқот чоғида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

Шавкат Мирзиёев мазкур боғда ўрнатилган Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари пойига гул қўйди.

Ўзбек ва тожик адабиётининг буюк намояндалари бўлган ушбу шоирлар замондош, ҳамфикр бўлган. Уларнинг адабий мероси бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Самарқанддаги байрам шодиёналарида тожикистонлик меҳмонлар ҳам қатнашди. Президентимиз улар билан суҳбатда аждодларимизнинг маънавий мероси халқларимизнинг умумий бойлиги экани, уни ўрганиш азалий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашини таъкидлади.

Сурат манбаи: https://zamin.uz/uzbekistan/30006-shavkat-mirzieevning-yangi-yildagi-ilk-tashrifi-qaysi-viloyatga-buladi.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: