Мирзиёев ШҲТ бош котиби билан учрашди

Дата: 11:16, 04-01-2019.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) янги бош котиби Владимир Норовни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 январь куни жорий йил 1 январдан бошлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимига киришган Владимир Норовни қабул қилди”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Давлат раҳбари Ўзбекистон вакилининг шундай юқори ва масъулиятли лавозимга – ШҲТ Бош котиблигига тасдиқланиши тарихий воқеа эканини таъкидлади. Биринчи марта мамлакат фуқароси халқаро ташкилотнинг раҳбари этиб тайинланди.

Учрашув чоғида Ш. Мирзиёев очиқ ва конструктив мулоқот учун самарали майдон, кўп қиррали ҳамкорликнинг таъсирчан механизми, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берди.

Шунингдек, ШҲТнинг асосий ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган мамлакатларнинг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва давлат чегараларининг дахлсизлигини ўзаро ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, тенглик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш каби тамойилларнинг асосий роли қайд этилди.

Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида кўп томонлама ҳамкорликка доир салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилди, ШҲТнинг 30 га яқин ишчи органи муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда.

“Хорижий давлатлар ҳамда халқаро тузилмаларнинг мазкур нуфузли ташкилот билан шериклик муносабатларини йўлга қўйишга қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Ш. Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ишга солинмаган улкан салоҳияти мавжудлигига алоҳида эътибор қаратди.

Хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт коммуникациялари, туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда минтақалараро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш келгусидаги устувор йўналишлар сифатида қайд этиб ўтилди. 

Таъкидланишича, республикада ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази таъсис этилди, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томонининг ташаббусига мувофиқ Циндао саммити якунида ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракат дастури қабул қилинди.

“Учрашув сўнгида давлатимиз раҳбари В. Норовга ШҲТ Бош котиби лавозимида омад ва муваффақият тилади”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан бошлаб ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлар раҳбарлари кенгашининг қарорига мувофиқ, В. Норов ташкилот бош котиби лавозимини бажаришга киришди. У бундан илгари Ўзбекистон президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директори бўлиб ишлаб келган эди. В. Норов Фавқулодда ва Мухтор элчи мақомига эга.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: