Мирзиёев ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган 18-мажлисида иштирок этади
Тошкент. 7 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг Циндао шаҳрида (ХХР) бўлиб ўтадиган 18-мажлисида иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу мақсадда ўзбек етакчиси 8-10 июн кунлари Хитой Халқ Республикасига ташриф буюради.
“ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари илк бор Ҳиндистон ва Покистоннинг тўла ҳуқуқли аъзо сифатидаги иштирокида йиғиладилар, ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришнинг истиқболли йўналишлари, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳамда кўп томонлама кооперациянинг бошқа жиҳатларини муҳокама қиладилар”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.
Давлат раҳбарларининг мажлиси якунида Циндао декларацияси қабул қилиниши, Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, Ёшларга қўшма мурожаат ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
“Фикр алмашувлардан сўнг 2018-2019 йилларда ташкилотга раислик қиладиган давлат тўғрисида қарор қабул қилиш, кейинги уч йиллик даврга ШҲТ бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимларига номзодларни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда”, - дейилади хабарда.
Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида икки томонлама қатор учрашув ва музокаралар ўтказади.
Сурат манбаи: http://www.megapolis27.ru/travel/aziya/kitai/resorts/tsindao


