Мирзиёев Шароф Рашидов ҳақида: У умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлди

Дата: 11:50, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – У умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлди – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Шароф Рашидовни ана шундай таърифлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. Бу улуғ инсон, собиқ мустабид тузум даврида турли тазийқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан, ҳалол ва фидокорона хизмат қилди. Умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлганини барчамиз яхши биламиз”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Минг афсуски, ҳаёт бу инсонга шундай мураккаб қисматни раво кўрдики, у юрагидаги барча орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ўз меҳнатининг ҳосилидан тўла баҳраманд бўлиш имконига эга бўлмади, деб давом этди давлат раҳбари.

“Аксинча, мустабид тузум ўзига садоқат билан хизмат қилган шундай улуғ инсонни охир-оқибатда турли туҳмат ва маломатларга дучор қилди. Шароф Рашидов вафот этиши билан унинг хотирасини хўрлаб, қабрини кўчирдилар, оила аъзолари, қариндош-уруғларини, дўстлари ва шогирдларини қувғин қилдилар. “Пахта иши”, “Ўзбек иши”, “Рашидовчилик” деган бўҳтон гаплар билан у кишининг азиз номини, бутун халқимизни ёмонотлиқ қилдилар”, - деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: