Мирзиёев қўшни мамлакатларга экспортни 2-3 баробар ошириш бўйича топшириқ берди

Дата: 10:37, 01-11-2019.

Тошкент. 1 ноябрь. ЎзТАГ – 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичларни кўриб чиқиш, йил охирида давлат бюджети ижро этилиши кутилаётган солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш ҳамда 2020 йилга мўлжалланган параметрларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатларга экспортни 2-3 баробар ошириш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2020 йилда озиқ-овқат, гўшт, ун ва қандолат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал, электротехника ва дори-дармонлар ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мутасаддиларга давлат улуши бўлган барча корхоналарда ишлаб чиқариш таннархини таҳлил қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, шунингдек, зарур ҳолларда уларни хусусий секторга бериш вазифалари қўйилди.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, "Ўзчармсанот" уюшмаси олдига хом ашёни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиб, аёллар пойабзали ва сумкалар, спорт анжомлари ва бошқа турдаги тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспортни икки баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компаниясига экспорт ҳажмини босқичма-босқич 5 млрдга етказиш, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда экинларни оқилона жойлаштириш ва "тайёрлаш–харид қилиш – сақлаш/қайта ишлаш–экспорт" занжири бўйича кооперативларни ташкил этиш топширилди.

"Машинасозлик ва электротехника маҳсулотлари юқори қўшимча қиймат ва доимий талабга эга. Бироқ ушбу тармоқларнинг маҳаллий корхоналари ушбу имкониятдан фойдаланмайди. Шу муносабат билан мутасаддиларга қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқни ривожлантириш ва экспортни 2-3 баробар ошириш топширилди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, президент Давлат солиқ ва Давлат божхона қўмиталарига 2020 йилга мўлжалланган маблағларнинг бюджетга тушишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Электрон ҳисоб-фактуралар, замонавий белгилар, онлайн касса машиналари каби илғор технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Божхона органларида вертикал бошқарув тизимини қуриш, импорт қилинадиган товарлар қийматини аниқ баҳолаш, хавфни таҳлил қилиш ва бошқа замонавий усуллардан кенг фойдаланиш, шунингдек, ички назоратни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, автомобил йўллари, ирригация, мелиорация ва бошқа соҳаларга уч йиллик инвестиция харажатлари дастурини ишлаб чиқиш вазифалари белгилаб олинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига барча фикр-мулоҳазалар ва хулосаларни инобатга олган ҳолда "2020 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳасини киритиш зарурлиги таъкидланди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: