Мирзиёев сиёсий партияларни демократик жараёнларда фаол иштирок этишга чақирди

Дата: 12:33, 23-08-2019.

Тошкент. 23 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий партияларни демократик жараёнларда фаол иштирок этишга чақирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ш.Мирзиёев 22 август куни мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда ижтимоий-сиёий ҳаётдаги партияларнинг ролини ошириш, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган миллий парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик кўриш, ушбу соҳадаги бошқа долзарб муаммолар муҳокама қилинди.

"Сиёсий партиялар томонидан ўз ғоялари ва дастурларини амалга ошириш, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик ва холислик асосида сайловда фаол иштирок этиш, парламент ва маҳаллий вакиллик органларида фракциялар ва партия гуруҳларини шакллантириш, умуман, ижтимоий-сиёсий ҳаётда кенг иштирок этиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда бўлажак сайловларнинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти, партиялар ушбу ғоят муҳим жараёнга қандай ғоя ва мақсадлар билан бораётгани, электоратнинг фаоллигини ошириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда сиёсий етакчилик фазилатларини ривожлантириш, партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Сайлов жараёнида демократик плюрализм шароитида халқимизга хос бағрикенглик, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни намоён этиш муҳимлиги қайд этилади. Шунингдек, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқотини ўтказишда сайлов қонунчилиги нормаларига қатъий риоя этиш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, учрашувда сиёсий партиялар фаолияти вақт талабларидан ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб таҳлил қилиниб, уни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда бешта сиёсий партия – "Миллий тикланиш" демократик партияси, Халқ демократик партияси, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон либерал-демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси ва Экологик партия фаолият кўрсатмоқда.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: