Мирзиёев сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини белгилаб берди
Тошкент. 20 сентябрь. ЎзТАГ – 19 сентябрь кунги йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Сув хўжалиги вазирлигига 61 та сув хўжалиги объектида Жанубий Корея гранти ҳисобидан 7 млн долларлик "Ақлли сув" тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Кейинги йилда тизим камида 120 та, 2023 йилгача 300 та объектларда жорий этилади", - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Энергетика вазирлигига 2020 йил охирига қадар 1,7 мингта насос станциясини электр энергияси истеъмолини автоматлаштирилган назорат қилиш тизимига улаш, шунингдек, умуман замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни таъминлаш топширилди.
2020 йилда 22 та туманда 50 та сув хўжалиги объектини хусусий секторга ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, 2020 йилда 200 минг гектар майдонда ҳамда 2025 йилгача 1 млн гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш топширилди.
Мутасаддиларга 2020 йилда қудуқ суви истеъмолчиларини сувни тежовчи технологиялардан ва қуёш панелларидан фойдаланишга ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, 57 та пудрат корхонасини Сув хўжалиги вазирлиги тизимидан чиқариш ва уларни алоҳида акциядорлик жамиятига бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Сурат манбаи: president.uz


