Мирзиёев Tashkent City қурилиш майдонини кўздан кечирди

Дата: 17:29, 25-06-2019.

Тошкент. 25 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Tashkent City қурилиш майдончасига ташриф буюрди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ушбу халқаро бизнес маркази саккизта лотга бўлинган ҳолда қурилган. Бугунги кунга қадар 7 млн куб метр ҳажмдаги грунтли ишлари бажарилиб, 50 дан ортиқ биноларга пойдевор қўйилди. Бугунги кунда бетон рамкалар ва юк кўтарувчи конструкцияларни ўрнатиш, муҳандислик тармоқларини ётқизиш ишлари олиб борилмоқда", - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, бешинчи лот ҳудудида Конгресс зали ва Hilton меҳмонхонаси қурилиши фаол давом этмоқда. Бу ерда темир-бетон ва металл конструкцияларни ўрнатиш, том ёпиш ишлари тугалланди. Электр тармоқларини ўрнатиш, ички безатиш ва механик ишлар амалга оширилади.

"Давлатимиз раҳбарига аввалги ташрифлар давомида уларга берилган кўрсатмалар ижроси ҳақида сўзлаб берилди. Конгресс зали биносида ҳар қандай форматдаги халқаро тадбирларни ташкил этиш учун замонавий шароитлар яратилмоқда. Бу ерда юқори савияда йирик саммитлар, шунингдек, икки томонлама учрашувлар ва музокаралар ўтказилади. Кўплаб делегациялар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хизмат кўрсатувчи ходимлар учун зарур қулайликлар яратилган", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Ш. Мирзиёев Конгресс залига туташ 21 қаватдан иборат Hilton беш юлдузли меҳмонхонасига ташриф буюрди. Бу ерда у маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан суҳбатлашди.

Президентимиз Конгресс зали ва меҳмонхонага юқори даражадаги хизмат кўрсатишни ташкил этиш, уларнинг сўзсиз ишлашини таъминлаш, Tashkent City ҳудудида ташкил этилаётган боғда ватандошлар ва сайёҳлар учун кенг шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: