Мирзиёев “Тошўйинчоқ” заводини тиклашни топширди

Дата: 09:00, 10-07-2017.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Тошўйинчоқ” заводи базасида болалар буюмлари ва ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича қатор чораларни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 Майдони 12 минг квадрат метр бўлган завод 20 йилдан бери бўш ётибди, ишлаб чиқариш линия ва инфраструктуранинг кўп қисми яроқсиз ҳолга келган. Давлат раҳбари объектни Ўз.МБ таркибига кирувчи NBU Investment компаниясига беришини таклиф қилди.

“Бошқарувчи компания 2018 йил 1 мартга қадар инвестициялар жалб қилиб, ички ва ташқи бозорларга мўлжалланган сифатли болалар буюмлари ва ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиши зарур”, - деб таъкидланади давлат раҳбарининг қарорида.

 Президент бўлажак инвесторларга қатор имтиёзлар ҳам берди. Хусусан, завод стратегик инвесторга топширилганга қадар унинг базасида ташкил этилган корхона фойда солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мулк солиғидан, ер солиғидан озод қилинади.

Имтиёзлар янги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб уч йил давомида амалда бўлади. Бўшаган маблағлар эса ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизация ва ривожлантиришга йўналтирилиши зарур.

Янгилик билан ўртоқлашиш: