Мирзиёев Тошкент аэропортида замонавий меҳмонхона қуриш ҳақида топшириқ берди

Дата: 10:18, 04-12-2017.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент аэропортида замонавий меҳмонхона қуриш ҳақида топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги қарорига мувофиқ бу ерда “Тошкент-4” халқаро йўловчи терминали қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда янги иншоот лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари такомиллаштирилди. Лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг банк ва жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилади. Янги халқаро аэропортда соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Мирзиёев маблағлардан самарали фойдаланиш, қурилиш ишларини бошлаш учун ҳудудни тайёрлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.  

Шунингдек, давлат раҳбари халқаро йўналишларда учиб келаётган йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш бўйича қилинаётган ишлар билан танишди, қайта қурилаётган кутиш залини ҳам бориб кўрди. Бу ерда замонавий меҳмонхона қуриш, ахборот технологиялари асосида замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: