Мирзиёев Тошкентдаги икки маҳаллага ташриф буюрди
Тошкент. 4 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги икки маҳаллага ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бир неча кун илгари ўзбек етакчиси Ўзбекистон пойтихтининг Чилонзор туманидаги Тирсакобод ва Хирмонтепа маҳаллаларига ташриф буюрди.
“Маълумки, мамлакатимизда “Обод қишлоқ” дастури асосида қишлоқ жойлар тартибга келтирилмоқда. Энди шаҳарлар учун “Обод маҳалла” дастури ишлаб чиқилмоқда. Хирмонтепа маҳалласи тажриба тариқасида ушбу концепция асосида обод қилинди. Ҳудудда жойлашган 24 та кўп қаватли уй таъмирланди. Маҳалла идораси ходимлари, профилактика инспекторлари учун бино, коммунал тўловлар шохобчаси, болалар ва спорт майдончалари барпо этилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва беморларга ёрдам берилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Президентимиз мазкур маҳалла фаоллари, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ва болалар билан суҳбатлашди.
“Одамларнинг юрагига қўл солиб, уларни рози қилиш сиёсатимизнинг бош мақсадидир. Биз шу тарзда ҳамма маҳаллаларни бирма-бир обод қиламиз. Халқимиз рози бўлиб яшаши учун зарур шароит яратамиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги Тирсакобод маҳалласида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.
“Бу маҳаллада 9 кўп қаватли ва 864 ҳовли уйлар жойлашган. 5 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Давлат раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мазкур маҳаллада ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Йўллар ва уй-жойлар таъмирланиб, ижтимоий объектлар барпо этилмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.
Шавкат Мирзиёев маҳалла ҳаёти билан танишди, фаоллар билан мулоқот қилди. “Мамлакатимизнинг барча шаҳарларида замонавий маҳалла марказлари бунёд этиш, аҳоли тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди”, - деб хулоса қилинади хабарда.
Сурат манбаи: http://asr.uz/