Мирзиёев Трампга Техасда содир бўлган “Харви” довули муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Доналд Трампга мактуб йўллаб, унда Техасда содир бўлган “Харви” довули муносабати билан ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Талофатли “Ҳарви” довули оқибатида Техас штатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва жароҳатланиши ҳақидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди”, - дейилади чоршана куни ташқи ишлар вазирлиги сайтида жойлаштирилган мактубда.
Ш.Мирзиёев нобуд бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради, шунингдек, жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайишни тилади.
Олдин хабар қилингани каби, “Ҳарви” довули Техас штатига шанбага ўтар кечаси ёпирилди ва АҚШдаги кейинги 12 йилдаги энг кучли довул бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, камида 10 киши қурбон бўлган. Довул кейинчалик кучсизлашган. Шу билан бирга, Хьюстоннинг туманларидан 2 минггача киши кўчирилган.