Мирзиёев Туркия парламентига ташриф буюрди
Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлисига ташриф буюрди. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) хабар берди.
Маълум қилинишича, Ш.Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашди.
“25 октябр куни бўлиб ўтган олий даражада музокараларда парламентлараро ҳамкорликни ташрифлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган эди. Мулоқотда мазкур йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди”, - дейилади пайшанба куни тарқатилган хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бундан ташқари,
Мирзиёев Буюк миллат мажлиси биноси ва фаолияти билан танишди, шунингдек, 2016 йили Туркияда давлат тўнтаришига уринишда ҳалок бўлган инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шундан сўнг у Истанбул шаҳрига жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамизки, Буюк миллат мажлиси Туркия Республикасининг олий қонун чиқарувчи органидир. Унга 1920 йил 23 апрелда асос солинган.
2015 йилда ўтказилган парламент сайлови натижаларига кўра Мажлисда 4 партия ўз фракциясига эга. Адолат ва тараққиёт партияси вакили Исмоил Қаҳрамон унинг Спикеридир.