Мирзиёев уч нафар фуқарога Ўзбекистон қаҳрамони унвонини берди

Дата: 11:04, 29-08-2019.

Тошкент. 29 август. ЎзТАГ – Президент Шавкат Мирзиёев уч нафар фуқарога давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон қаҳрамони унвонини берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Президентимизнинг 2019 йил 28 августдаги "Ўзбекистон қаҳрамони "унвонини бериш тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

"Мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, Ватан равнақи ва халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматлари, кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил ва туб ислоҳотлар жараёнида ташаббускорлик ва ғайрат-шижоат, давлат ва халқ манфаатларини рўёбга чиқаришда фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳаларда кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштироки учун "Ўзбекистон қаҳрамони" унвони берилиб, олий нишон – “Олтин юлдуз” медали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси – Ерниязов Мусо Тажетдинович, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги "Нурли обод" фермер хўжалиги раҳбари – Муротова Лола Неъматовна,"Нуроний" жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси –Нормуродов Хасан Норбековичга топширилсин", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Мирзиёев бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шунингдек, адлия органлари ва муассасалари ходимларига қатор мукофотларни топширди.

Сурат манбаи: upl.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: