Мирзиёев Учтепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди

Дата: 10:39, 13-05-2019.

Тошкент. 13 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш.Мирзиёев Учтепа тумани маҳаллалари раҳбарияти, раислари, зиёлилар ва мутасаддилар билан учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари туманнинг саноат ишлаб чиқариши умумшаҳар кўрсаткичидан икки баробар ортда қолаётганини, бошқа соҳаларнинг ривожланиш суръатлари ҳам паст даражада эканини таъкидлади.

"Тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш, ички йўллар ва коммунал тармоқларни таъмирлаш, ёшларни тарбиялаш борасида кўп ишлар қилиниши керак", - деди президентимиз.

Мирзиёев ушбу масалаларни ҳал қилиш учун 61 та лойиҳа дастури шакллантирилганини, аммо бу рақам ҳали янаям ўсиши мумкинлигини таъкидлади.

"Учтепа туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинади. Агар сиз аниқ таклифлар киритсангиз, ушбу ҳужжат янада самарали ва фойдали бўлади", - дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент бундан кейин мутасаддиларга ушбу таклифларни тегишли режаларга киритиш ва уларнинг тезкор бажарилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманидаги умумтаълим мактаби ва тикув цехига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда пойтахтимизда янги мактаблар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш режалари муҳокама қилинди.

"Президентимиз мактабларнинг салоҳиятини ошириш учун тўрт қаватли бинолар барпо этиш зарурлигини, айни пайтда бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Ш. Мирзиёев ўқитувчилар учун қўшимча шароит яратиб, ўқув-тарбиявий ишлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар берди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари "Козимжон рейтинг сервис " корхонаси томонидан ташкил этилган тикув цехида ҳам бўлди. Бу ерда Учтепа туманида ишга туширилаётган бошқа корхоналар ҳақида маълумот берилди.

"Президент маҳсулотлар турини кенгайтириш, бозорни доимий ўрганиш ва экспортни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Корхона фаолиятини кенгайтириб, икки сменада иш ташкил этиш орқали хотин-қизларни иш билан таъминлаш лозимлигини таъкидлади", - дейилади хабарда.

 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: