Мирзиёев ва Атамбоев маданий алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар

Дата: 14:11, 06-09-2017.

Тошкент. 6 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоевлар маданий алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик, дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, жорий йил феврал ойида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг Фарғона водийсига ижодий сафарини, июн ойида эса Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоасининг Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафарини алоҳида қайд этиш лозим”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида қурилаётган умумтаълим мактаби халқларимиз дўстлигининг ёрқин намунаси бўлди. Мазкур мактаб замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари, дарсликлар, бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Жорий йил октябр ойида Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2018 йил Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди. 

Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида Қирғизистон вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди.

“Бугун Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб кишилар истиқомат қилади. Уларнинг ўз маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. 6 та қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, 56 мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 5 сентябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоенинг таклифига биноан Қирғизистон га расмий ташрифини бошлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: