Мирзиёев ва Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказдилар

Дата: 10:36, 26-10-2017.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2017 йил 25 октябр куни давлат ташрифи билан Туркияга келди”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган “Эсонбуға” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Бекир Боздағ ва бошқа расмий кишилар кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

“Ташрифнинг асосий тадбирлари Туркия Республикаси Президенти саройида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамизки, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: