Мирзиёев ва Мамин ўзбек-қозоқ ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилдилар

Дата: 10:59, 07-05-2018.

Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамраиси Асқар Маминлар ўзбек-қозоқ ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Муҳокама 4 майда А. Маминнинг Тошкентга иш ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

ЎзР. президенти матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ш. Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон-Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси самарали фаолият кўрсатаётгани ва амалий натижалар бераётганини мамнуният билан қайд этди.

“Икки давлат Бош вазирларининг биринчи ўринбосарлари раислик қилаётган комиссия бугунги кунгача 17 мажлис ўтказди, жумладан, охирги мажлис жорий йилнинг март ойида Остонада бўлиб ўтди. 4 май куни Тошкентда комиссия ҳамраислари амалий музокаралар ўтказди”, - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, учрашувда Ш. Мирзиёев савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли лойиҳа ва дастурларни биргаликда амалга ошириш муҳим эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, Асқар Мамин давлат раҳбарига “самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Қозоғистон олий даражада эришилган келишувларнинг сўзсиз ва ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида қардош мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди”.

Сурат манбаи: https://www.arnapress.kz/astana/politics/91863/

Янгилик билан ўртоқлашиш: