Мирзиёев ва Путин Россия президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифини муҳокама қилдилар
Тошкент. 8 октябр. ЎзТАГ – Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Россия президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон президенти матбуот хизматидан хабар беришларича, икки давлат раҳбарларининг телефон мулоқоти 7 октябр куни бўлиб ўтган.
“Давлат раҳбарлари Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, мулоқот доирасида олий даражадаги учрашув ва музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Президентлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал суръатлар билан ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини қайд этдилар.
Қайд этилишича, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатлар билан ортмоқда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, жумладан, нефть-газ, энергетика, металлургия, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда йирик инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда”, - дейилади хабарда.
Шундан кейин маълум қилинишича, томонлар имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида стратегик лойиҳани амалга оширишга киришди.
Бундан ташқари, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳамда ишбилармон доиралар ҳамкорлиги фаоллашди.
Шу ойда Тошкентда икки мамлакат ҳудудлари, етакчи корхона ва компаниялари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон-Россия биринчи ҳудудлараро форуми бўлиб ўтиши таъкидланди.
“Маданий-гуманитар соҳада амалга оширилаётган амалий тадбирлар юксак баҳоланди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги шериклик муносабатлари фаоллашгани таъкидланди. Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон ва Россия етакчи университетларининг ректорлари ва профессор-ўқитувчилари иштирокида биринчи қўшма таълим форуми бўлиб ўтади”, - дейилади хабарда.
Мулоқот сўнгида, деб қайд этилади шундан кейин, президентлар Ўзбекистон билан Россиянинг узоқ муддатли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, 18-19 октябрда Россия президенти В. Путин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Ташриф доирасида Тошкентда икки мамлакат раҳбарларининг учрашуви ва ҳудудий ҳамкорлик бўйича биринчи Россия-Ўзбекистон форуми бўлиб ўтади.
Сурат манбаи: из http://president.uz