Мирзиёев ва Трамп музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида давом эттирдилар

Дата: 10:31, 17-05-2018.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамплар музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида давом эттирдилар, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Унда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Вазирлик ва компаниялар, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, юқори технологиялар, савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинганига қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми имконият даражасида эмас. 2017 йилда бу кўрсаткич $210 млндан бироз ошган. Америкадек ривожланган ва Ўзбекистондек ривожланаётган мамлакат иқтисодиёти аслида бундан анча кўпроғига қодир.

“Президентимиз икки томонлама ҳамкорликнинг шу каби жиҳатларини таҳлил қилиб, фойдаланилмаётган имкониятларни, ўзаро манфаатли ва истиқболли тармоқларни кўрсатиб ўтди. Ўзбекистонда хорижий валюталар конвертацияси очилгани, янги ва замонавий инвестицион муҳит яратилгани, тўғридан-тўғри сармоялар давлат томонидан кафолатланиши таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Музокаралардан сўнг Президент Дональд Трамп Президент Шавкат Мирзиёевни кузатиб қўйди.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/politics/20180517/8231116/tramp-nirzieev-uzbekistan-usa.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: