Мирзиёев ва Туск амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

Дата: 10:41, 01-06-2019.

Тошкент. 1 июнь. ЎзТАГ – 31 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Дональд Туск амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Давлатимиз раҳбари Европа Иттифоқи билан савдо-иқтисодий, инновацион, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда конструктив сиёсий мулоқот ва самарали амалий ҳамкорликни ривожлантиришни таъкидлади. Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтаётган Европа Кенгаши Президентининг Ўзбекистонга илк ташрифи кўпқиррали шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасидаги ўзаро интилиш тобора кучайиб бораётганидан далолат беради", - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, алоқаларни фаоллаштириш ҳақида сўнгги йилларда мунтазам равишда "Ўзбекистон-Европа Иттифоқи" кенгаши ва ҳамкорлик қўмитаси мунтазам мажлислари, парламентлараро алмашувларни ривожланаётгани, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини ва Европа Иттифоқининг бошқа юқори вакиллари ташриф буюрди. Шунингдек, мамлакатимиз ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик бўйича янги битим лойиҳаси бўйича музокаралар бошланган.

"Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми ва инвестиция лойиҳалари портфели ортиб бормоқда. Ўзаро савдо операциялари ва инвестицияларни янада ошириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, европалик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмаклашадилар", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шериклик қайта тикланди ва кенгаймоқда, Европа инвестиция банки иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларида биринчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Шунингдек, "Горизон-2020" ва "Эрасмус Плюс"дастурлари доирасида фаол илмий ва ўқув алмашувлари амалга оширилмоқда.

"Учрашувда иқтисодиёт, савдо, инновация ва инвестиция, транспорт, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди", - дея қайд этилади хабарда.

Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Европанинг бизнесининг етакчи вакиллари юртимизда янада кенгроқ фаолият юритишлари, Ўзбекистонга энг янги технологиялар, илғор тажриба ва юксак стандартларни фаол жалб этиш учун имкониятлар очиши таъкидланди.

Шунингдек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси қоидаларига мувофиқ минтақада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

"Европа кенгаши Президенти Ўзбекистоннинг Орол денгизи ҳавзасидаги экологик фалокатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик асосида траст фонди доирасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди", дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бошқа долзарб масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида бутун минтақанинг барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш мақсадида кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: