Мирзиёев ва Жээнбеков тор доирада музокаралар ўтказдилар

Дата: 10:31, 14-12-2017.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жээнбеков Кўксарой қароргоҳида тор доирада музокаралар ўтказдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

 “Қирғизистон Президенти сифатида илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни юқори баҳолаймиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатингиз ифодаси деб қабул қиламиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида, Сооронбай Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорчилик билдириб, Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этди. “Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз”, - деб таъкидлади Қирғизистон Президенти.

Президентлар ушбу ташриф савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациялари ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги ишларни якунига етказиш, янги ўтказиш пунктлари очиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидладилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш борасида ўз азму қарори таъкидладилар.

Мулоқотда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Президентлар халқаро майдонда икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш борасида улкан салоҳият мавжудлиги, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга интилиши муштараклигини қайд этдилар.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввало қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалар фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасидаги борди-келдилар кенгаймоқда.

Музокарада Президент Сооронбой Жээнбеков Қирғизистон Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.

Сурат манбаи: http://knews.kg/2017/12/sooronbaj-zheenbekov-i-shavkat-mirziyoev-sdelali-zayavlenie-dlya-pressy/

Янгилик билан ўртоқлашиш: