Мирзиёев Вашингтонга кетишда юқори даражали британ расмийси билан учрашди
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Лондон шаҳри аэропортида қисқа техник тўхташ давомида Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Алан Дункан билан учрашди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Суҳбат давомида давлатимиз раҳбари икки томонлама ҳамкорлик борасида мавжуд улкан салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш муҳим эканини алоҳида таъкидлади. Турли даражалардаги мулоқотларни жадаллаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилади хабарда.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
“Алан Дункан мамлакатимизда янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотларга, Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларига, жумладан, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганига юксак баҳо берди”, - дейилади хабарда.
Буюк Британия давлатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр экани қайд этилди.
Лондондаги техник тўхташдан сўнг Президент Мирзиёев АҚШга жўнаб кетди.
Сурат манбаи: https://news.day.az/tag/5352599-alan-dunkan.html