Мирзиёев йўловчилар сонини кўпайтириш ҳисобига Тошкент транспортида йўл ҳақини арзонлаштиришга чақирди

Дата: 15:14, 09-02-2018.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев йўловчилар сонини кўпайтириш ҳисобига Тошкент транспортида йўл ҳақини арзонлаштиришга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У мазкур таклифни Ўзбекистон пойтахтида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш доирасида ўртага ташлади.

“Бугун пойтахтимиз том маънодаги қурилишлар майдонига айланди. Янгидан-янги иншоотлар, корхоналар, тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт мажмуалари, равон йўллар, кўприклар, маҳалла гузарлари, бозорлар, боғлар, хиёбонлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбари Тошкент метрополитени Юнусобод йўналиши 2-босқич қурилиш ишларини кўздан кечирди. Қурилишга 200дан ортиқ ишчи ва муҳандис, 40та техника ва механизм жалб этилган. Метро қурилишига Германиядан ер ости тоннелини қазиш комплекси олиб келиниб, ушбу техника Германиялик мутахассислар билан бирга йиғилмоқда. Германиядан бурғулаш ва темир-бетон қозиқ қоқиш техникалари, 2та 220 тонналик, 3та 70 тонналик ва Хитойдан 10та 50 тонналик кранлар олинган. Қурилаётган метро участкасининг узунлиги 2,9 километр бўлиб, уни 2019 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Барча саъй-ҳаракатлардан мақсад одамларга қулайлик яратиш, деди Шавкат Мирзиёев. “Метрополитен ва автобуслар ҳамоҳанглигини таъминлаш, бекатларда йўловчилар тўпланишини ва ҳаракатини мониторинг қилиш, таҳлиллар асосида йўналишларни оптималлаштириш, бу бўйича ҳар куни иш олиб бориш зарур. Йўловчиларни кўпайтириш ҳисобидан йўл кирани арзонлаштириш чораларини кўриш керак”, - деб давом этди у.

Шу ерда пойтахтимизда қурилаётган ер усти метроси бўйича ахборот берилди. Президент ушбу метро қурилишини такомиллаштириш, илм асосида материаллар вазнини енгиллаштириш, метро йўли остидаги ҳудудни ободонлаштириш, қўшимча хизматларни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Сурат манбаи: https://centre1.com/uzbekistan/invalidam-v-metro-tashkenta-i-shavkat-mirziyoev-ne-pomozhet/

Янгилик билан ўртоқлашиш: