Мирзиёев япон тадбиркорларини Ўзбекистонга таклиф қилди

Дата: 11:31, 19-12-2019.

Тошкент. 19 декабрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев япон тадбиркорларини Ўзбекистонга таклиф қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, 18 декабрь куни Ш.Мирзиёев Токиода Япония ишбилармон доиралари вакиллари, жумладан, JETRO, JICA, JABIC, NEDO, JOGMEC, Mitsubishi, Itochu, Sumitomo, Marubeni, Isuzu каби етакчи корпорациялар, компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

"Давлатимиз раҳбари Япония компаниялари ва молия тузилмаларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди", - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Япон тадбиркорлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни юқори баҳолади. Улар Ўзбекистон президентининг расмий ташрифи республикада инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда япон бизнесининг, жумладан, кичик ва ўрта бизнеснинг янада фаол иштирок этишига туртки бўлишига ишонч билдирди.

Шунингдек, учрашувда икки мамлакат компаниялари ва молия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулот етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Токиода президент Япония Бош вазири ўринбосари Таро Асо билан учрашди. Учрашувда инвестиция, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, президент япон Парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси вакилларини қабул қилди. Суҳбат чоғида мамлакатларимиз амалий ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Тошкентда парламентлараро форумнинг учинчи мажлисини ўтказишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 17-20 декабрь кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Японияда бўлди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: