Мирзиёев ўзбек корхоналарининг экспорт кўрсаткичларини танқид остига олди

Дата: 14:43, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўзбек маҳсулотларининг экспортига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Давлат раҳбари “Ўзқурилишматериаллари” компанияси, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, бунинг оқибатида маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажмини ошириш борасида камчиликларга йўл қўйилаётганини қаттиқ танқид қилди. Мазкур тармоқлар раҳбарларига “ҳайфсан” эълон қилиниб, уларнинг зиммасига маҳсулотлар экспорти соҳасидаги мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва экспорт ҳажмини изчил ошириш юзасидан сезиларли ўзгаришларни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юкланди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.  

Шунингдек, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни ташкил этиш масаласида сусткашликка йўл қўйган Тошкент, Жиззах ва Андижон вилоятлари, шунингдек, қатор туманлар ҳокимликлари раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.   

Давлат раҳбари “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқаруви раиси О.Рустамов, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти бош директори Ж.Холмуҳамедов эгаллаб турган лавозимига нолойиқлигини кўрсатиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари У.Розуқулов, ташқи савдо вазири Э.Ғаниевга мавжуд камчиликлари кўрсатиб ўтилди ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: