Мирзиёев Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш бўйича қатор топшириқлар берди

Дата: 12:33, 14-11-2019.

Тошкент. 14 ноябрь. ЎзТАГ – 13 ноябрь куни видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш бўйича қатор топшириқлар берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Йиғилишда президент чорвадорларга ер ажратиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш учун экинларни тўғри жойлаштириш, лосос, осетр, форель каби балиқнинг тансиқ турларини жадал ривожлантириш бўйича топшириқлар берди", – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

"Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури бўйича ажратиладиган кредитлар асосида гўшт ва сутни қайта ишлаш корхоналари аҳолига кооперация асосида 5 бошгача наслдор қорамол етказиб, уларни парваришлашга ўргатади. Корхона наслдор қорамолларни доимий ветеринария назорати остида, белгиланган тартибда семириш ва олинган сутни бозор нархида сотишни таъминлайди. Президент бир ой муддатда мазкур тизимни Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятларида йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Навоий, Бухоро вилоятларида фермер хўжаликларини озиқ-овқат, ветеринария хизматлари ва агротехникалар билан таъминлайдиган камида иккита чорвачилик кооперациясини ташкил этиш топширилди.

Таъкидланганидек, ветеринария, карантин, стандартлаштириш, санитария ва эпидемиология хизматлари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлаш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг бутун занжири устидан назорат тартиб-таомилларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

"Йиғилишда белгиланган вазифаларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида жума куни Чорвачилик куни деб эълон қилинди. Топшириқлар ижросини мувофиқлаштириш ва чорвачиликка кўмаклашиш учун масъул Республика кенгаши ташкил этилди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ерни янги тут плантацияларига ажратиш, эски плантацияларни янгилаш, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш вазифаси юклатилган. 2020 йилда пилла етиштириш ҳажмини 21 минг тоннага ва 2025 йилда 30 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда "суперэлита" ва "элита" навларини тайёрлаш, бунинг учун Гренаж станцияларини қўллаб-қувватлаш, тут дарахтларини кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш чораларини кўриш, янги иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: