Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясига 25 йил тўлиши муносабати билан эсдалик нишони таъсис этди
Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Янги эсдалик нишони мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асрашга муносиб ҳисса қўшган ватандошларни рағбатлантириш мақсадида берилади.
“Янги нишон билан барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади”, - деб таъкидланади ҳужжат матнида.
Эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Эсдалик нишонининг қалинлиги – 2,2 миллиметр.
Эсдалик нишонининг олд томони марказида оқ эмалдан ишланган саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Юлдуз марказида, таралаётган қуёш нурлари фонида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангли эмалдан ишланган ҳилпираб турган тасвири акс этган. Юлдузнинг тепа қисмида баландлиги 3,5 миллиметр бўлган “25” ёзуви, пастки қисмида эса баландлиги 2,5 миллиметрли “YIL” ёзуви жойлашган. Эсдалик нишонининг пастки қисмида, саккиз қиррали юлдуз остида мовий рангдаги эмалдан ишланган очилган ҳолатдаги китоб – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тасвири акс эттирилган.